Жаҳонгир Позилжонов концертлар борасида жуда фаоллашиб қолди. Москвада бўлган чоғимизда унинг концерт дастури афишларига кўзимиз тушганди. "Божалар” ва Зиёданинг биргаликда шоуси Москвадаги "Партизанский” метро бекатига яқин жойдаги "Спорт” комплексида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу залда Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбековлар ҳам ўз концертларини намойиш этган бўлиб, "Божалар”ники навбатдаги учинчи йирик лойиҳадир. Айримларнинг фикрича, чипта нархи қиммат бўлгани билан концертга ташриф буюриш истагидагилар сони анчани ташкил этади. Москвадан сўнг Позилжонов Новосибирск шаҳрида ўзининг яккахон дастурини тақдим этади.
Куни кеча эса Навоий шаҳри марказий стадионида Позилжонов мухлисларини концерт дастури билан қарши олди. Хонанданинг сайтимиз арт-директорига берган маълумотига қараганда, Позилжоновнинг бу концерти 4 йил ўтиб амалга ошди. У сўнгги бор 2008 йилда навоийлик мухлисларини хушнуд этганди. Шоу давомида шўх артист ва актёр ўзининг энг янги ҳамда хит қўшиқларини ижро этди. Ўйингоҳга "Божалар”нинг ижодидан юзма-юз баҳраманд бўлиш истагида 4000га яқин мухлис ташриф буюрган!
Жасур ҲАМРОЕВ
|