09:23
"Сенсиз" фильми режиссёри ким ўзи, Акбарми ё Дилмурод?
Тошкентдаги Алишер Навоий номли кино саройида режиссёр Дилмурод Турдибоевнинг "Сенсиз” номли фильми премьераси бўлиб ўтди.
Ушбу фильмни режиссёр Акбар Бектурдиев суратга олаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ нима сабабдандир фильм премьерасида картина режиссёри сифатида Дилмурод Турдибоев таништирилди. Фильмда бош ролларни Мунаввара Абдуллаева, Райҳон Уласенова, Дилноза Кубаева, Алишер Узоқов, Ёқуб Аҳмедовлар ижро этишган. Фильм хусусида сўз юритадиган бўлсак, унда албатта профессионал ижодкорларнинг меҳнати сезилиб турибди. Хусусан, актёр Алишер Узоқов ижро маҳорати бўйича айнан шу фильмда ўзини яққол намоён этган десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, Дилноза Кубаева ижроси ҳам таҳсинга лойиқ. Фильм мазмунига кўра Дилноза Кубаева ижросидаги Малика радиобошловчи сифатида фаолият юритади. Бироқ у опасининг турмуш ўртоғи, яъни поччаси билан ҳеч чиқиша олмайди. Бу орада эса опаси оламдан ўтиб фарзандларнинг тарбияси, унинг уйидаги юмушлар Маликанинг гарданига тушади. Фильм мазмуни турли майда воқеалар, хусусан Маликанинг онаси ва опасининг ўғли касал бўлиб қолиши каби воқеалар билан бойитилган. Ўзининг келгуси ҳаётини ўйлаган Малика поччаси билан бирга ишлайдиган қиздан, поччасига турмушга чиқишини сўрайди. Бироқ у рози бўлмайди. Малика эса айни вақтда ўз севган йигити билан турмуш қуришни режалаштираётган эди... Хуллас, воқеалар бироз бўрттирилгани сабаб реалликдан анча йироқлик юзага келган. Хусусан фильм сўнггида ҳамма энди Малика поччасига турмушга чиқса керак деб ўйлаганди. Ва албатта шундай бўлди ҳам. Ижодкорлар фильм якунини томошабин кутмаган ҳолда якунлашса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари, фильмда қаҳрамонларнинг келгуси ҳаёти тўлиқ очиб берилмаган. Худдики, фильмнинг мантиқий давоми бордек.
Категория: SHOU-BIZNES | Просмотров: 1013 | Добавил: Admin | Рейтинг: 4.0/4
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]