Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак бинолари ўрнида янги осмонўпар бино қад ростламоқда. Аввалги қўшалоқ бинолар 2001 йилнинг 11 сентябрида амалга ошрилган теракт туфайли вайронага айланган эди. Расман ЖСМ-1 деб аталадиган янги бинонинг қурилиши 2006 йил апрелида бошланган. Озодлик минораси деб ҳам номланадиган 104 қаватли мазкур иншоот ғарбий ярим шарда энг баланд ҳисобланади. Дунё миқёсида олинса, у баландлиги бўйича учинчи ўринда. Озодлик минорасининг баландлиги 1776 фут (541 метр) бўлиб, рамзий равишда АҚШ Мустақиллик декларацияси қабул қилинган санани ифодалайди. Ҳозиргача 100 та қават қурилиб битказилди, қурилиш ишларини шу йилнинг декабригача тамомлаш, очилиш маросимини 2013 йилнинг баҳорида ўтказиш режалаштирилган. Озодлик минорасининг қурилиш ишлари 3,8 миллиард долларга баҳоланган.
|