22:30 НИҲОЯТ, ЎЗБЕК КИНОСИДА УЗОҚ КУТИЛГАН ДОЛЗАРБ МАВЗУ: ОДАМ САВДОСИ | |
![]() Бежиз енгил елпи ҳаёт кечирувчилар ҳақида сўз очмадик. Сўнгги вақтларда бутун дунёда миграция жараёнининг авжига чиққани ана шундай кимсалар ҳисобига, десак асло муболаға бўлмас. Чунки ҳанузгача чет элни гўё "жаннат” билиб, кўпроқ пул топиш илинжида хорижга боришга уринаётганлар буларнинг бари хом ҳаёл эканини кўпинча жуда кеч англаб етмоқдалар. Кимларнингдир қуруқ ваъдасига ишониб, кейин афсус ва надоматдан азият чекмоқдалар. "Одам савдоси” дея таърифланадиган ушбу иллат жуда кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам долзарб муаммолардан бири саналади. "Lola Film” киностудияси ижодкорлари ана шу иллатнинг моҳиятини очиб бериш, аҳолини яна бир бор хушёрликка, огоҳликка чорлаш мақсадида "Истиқболли авлод” нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда "Қадамлар” деб номланган янги бадиий фильмни суратга олдилар. Айни пайтда фильмнинг монтаж ишлари якунланиб, овозлаштириш босқичига киришилмоқда. Бу жараёнга бугунги кунда дубляж санъатимизнинг энг кўзга кўринган намоёндалари таклиф қилинади. Картинани янги йилнинг дастлабки кунларида томошабинлар эътиборига ҳавола этиш режалаштирилмоқда. Фильм ғояси "Lola Film” киностудияси директори Умар Йўлдошевга тегишли. Сценарий муаллифлари Абдуқаюм Йўлдошев ва Озод Шамс. Режиссёр: Озод Шамс. Бош ролни дебютант актёр Шерали Ортиқов ижро этган. Бадиий раҳбар: Ориф Йўлдошев. Тасвирчи: Дилшод Азимов. Фильмда иштирок этган ижодкорларнинг асосий қисми дебютантлардан иборат. Масалан, режиссёр Озод Шамс учун бу дастлабки профессионал иш ҳисобланади. Аммо етук тажрибага эга режиссёрларимиз унинг меҳнатини ҳозирданоқ ижобий баҳолашмоқда. Бош роль ижрочиси Шерали Ортиқов ҳам илк бор катта фильмда ўз маҳоратини намойиш этди. У жиноятчилар томонидан оғир меҳнатга жалб қилинган ёшлар сафида юрган ҳуқуқ-тартибот идорасининг махфий вакилини талқин қилган. Қаҳрамонга юклатилган вазифа ҳамюртларини эсон-омон Ватанга қайтариш. Ҳар икки ижодкор ҳам санъат соҳасидан йироқ эмас. Ўзбекистон давлат санъат институти тамомлашган. Шунингдек, "Қадамлар”да элимиз суйган актёрлардан Муҳаббат Абдуллаева, Шоҳида Исмоилова, Сайфиддин Мелиев, Феруза Мелибоева, қолаверса, кўзга кўринган ёш актёрлар Арслон Эсенов, Акмал Назаров ҳамда Самиддин Лутфуллаев ҳам иштирок этишган. Дарвоқе, Сайфиддин Мелиевни бу гал мутлақо янги талқинда кўришингиз мумкин. У аввалгидек қўпол ва дағал характерли инсонларни эмас, аксинча, одам савдосига қарши курашаётган ҳуқуқ-тартибот идорасининг масъул лавозимдаги ходимини гавдалантирган. Ҳозирданоқ фильм воқеаларини таърифлаш ниятимиз йўқ. Лекин ишончимиз комилки, ундаги ҳар бир саҳна томошабиннинг қизиқишини ошириб, фильм сўнгига қадар "ушлаб” тура олади. Масалан, одамфурушлар билан бош қаҳрамоннинг олишув саҳналари ишонарли тарзда ишланган. Бунга Шерали Ортиқовнинг Шарқ яккакурашлари жанг санъати тури билан мунтазам шуғулланиши қўл келди. Ёки пул топиш илинжида хорижга кетган ўғлини кўзлари тўрт бўлиб кутаётган, кейин эса машъум хабарни эшитиб, изтиробга чўмган онанинг ҳолатини кўриб, қалбингизда беихтиёр жиноятчиларга нисбатан нафрат уйғонади. Энг муҳими, фильмнинг бошиданоқ унинг қандай якун топишини томошабин олдиндан айтиб бера олмайди. "Lola Film” киностудияси директори Умар Йўлдошевнинг айтишича, киносаноатимиз жадал ривожланиб, бугун соғлом рақобат муҳити юзага келган. Талаб юқори. Лекин "Қадамлар” бемалол ана шу рақобатга дош бера олади. Премъера яқин. Демак, ҳаммасини ўшанда билиб оламиз. Жасур ҲАМРОЕ | |
|
Всего комментариев: 2 | |
| |