20:13 МИЛЛИЙ ЭСТРАДАНИ ЯНГИ ПОҒОНАГА МАРДОНА ОЛИБ ЧИҚАЁТГАН ФЕСТИВАЛ! | |
![]() Малика Эгамбердиева, Ўктам Аҳмедов миллий йўналишдаги қўшиқлари билан концертни очиб берган бўлса, "ЭлДиДо” гуруҳи, Марат Содиқовлар дунё мусиқаси дурдоналарини қойилмақом тарзда куйлаб, тинимсиз олқишларга сазавор бўлди. Мунис америкалик юлдуз Алиша Киз репертуаридан "Fallin» таронасини куйлаганда, хориж ва ўзбек хонандаларининг овозини ажратиш мушкул эди! "Дурдона” гуруҳи, Амира Алибекова, Ҳилола Хўжаевалар ҳам бошқалардан овози кам эмаслигини исботлашга уринишди. Сардор Мамадалиевнинг Муҳаммад Юсуф шеъри билан куйланган "Севолмайди менингдек” таронасининг сокин мусиқа садоси остидаги ижроси кечага ўзгача тароват бахш этди. Алишер Файз устозидан файзлироқ эканини биринчи бор исботлади. Лола Йўлдошева ўз йўналишида шоу қилишга ҳаракат қилди. Саҳна чироқлари ўчиб-ёнгач, алвон лолагул рангидаги либосда бирдан пайдо бўлди-ю, "Кечир” ва "Қайтмайди” қўшиқларини романтик кайфиятда ижро этди. Ботир Қодиров озгина ҳадиксираб, сал ҳаяжонланган бўлса-да, ўз яккахон концертида фонограммада куйлаган "Дийдор учун” ва "Алдамадим” қўшиқларининг жонли ижросини томошабинларга манзур қилишга эришди. Абдуҳошим Исмоилов ва Зулайҳо Бойхонованинг саҳнада намоён бўлишини тасаввур қилаверинг! Исмоиловнинг ғижжаки қалблардаги ҳорғинликни ҳар томонга ҳайдаб солди. Бойхонованинг жонли ижродаги маҳорати эса исботини аллақачон топган ҳақиқат. Оғабек Собиров торини кўтариб чиққанда, дастур кульминацион нуқтага етганини англадик. "Ишқинг” ва "Доғиман доғи” қўшиқларини куйлаган Оғабекнинг овози саройнинг орқа деворига ҳам етган бўлса, ажабмас! Озодбек Назарбеков финалда. Устози Муҳриддин Холиқов репертуаридан "Гўзалимсан” қўшиғини куйлагач, фестивал ҳақида илиқ фикрлар билдириб, ёшларга очилган бундай кенг имкониятлар санъат келажаги учун қайғурилаётган фидокорлик эканлигини алоҳида таъкидлади. Унинг янги тароналари илк бора жонли ижрода омма синовидан ўтди! Олқишларга қараганда, унинг ўз шеъри ва мусиқаси билан ёзилган қўшиққа берилган баҳо аълога яқин. ЯНА... Дастур давомида фестивалнинг 2012 йил лауреатлари ҳам тақдирланди. Махсус сертификат ва мукофот топширилганлар: Амира Алибекова (Азамат Ҳайдаров топширди), "ЭлДиДо” гуруҳи ("Жаннатмакон” журнали бош муҳаррири Ирода Дадажон қизи топширди) ҳамда Дилсўз (Гўзал Жуманиёзова). Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Дилсўзга мукофотни топширар экан, унинг пешонасидан ўпиб, оқ йўл тилади. Буёғи эса ундан ҳам қизиқ бўлди. Саҳнада қолган севимли актёр бошловчиларга рухсат бериб, ўз дилсўзларини айтди: "Мана шу ўриндиқлар, саҳна пардалари ҳам бугун бошқача. Ҳатто улар ҳам жонли ижродаги бундай концертларни узоқ соғинишган! "Марди майдон” ташкил этилганидан бери ашаддий мухлисман!” Устоз санъаткор ёшларга ўрнак бўлсин учунми ё "Истиқлол” саҳнасини анчадан бери соғинибми, тўлқинланиб жонли ижрода қўшиқ куйлаб берди. "Тумор" рақс дастасининг миллий либослари ва бетакрор чиқишларини эсга олмаслик эса беҳурматликдан бошқаси эмас! Яшил патни бошига қўндирган, "Сочингни ўзим ўраман, дейди” дея куйлаб, қўшиққа мос равишда сочларини ёйиб олган Ҳилола хоразмча нағмалари бобида Азиза Ниёзметова, Феруза Жуманиёзовалардан қолишмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилди. СЎНГСЎЗ... (Суратда: "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев) "Марди майдон!” – ўзбек санъатини янги поғонага олиб чиқиш мақсадидаги ғоявий мустаҳкам сайъ-ҳаракат. Бу эса ўз-ўзидан яралиб қолмайди. Замонавий ибора пайдо бўлгани рост, ташкилот раҳбарини айт, ташкилотнинг нималарга эришиши мумкинлигини айтаман! Азамат Ҳайдаровичнинг бугунги жонбозлиги, касбига меҳри ва садоқати, фидойилиги унинг чарм ўриндиқда шунчаки оёқ чўзиб ўтирмаётганидан далолат. Юртбошимиз ўз асарларида кабинетга боғланиб қолган, ташқарида нималар содир бўлаётганидан хабари йўқ раҳбарларни танқид остига олгани ҳақида ўқиган бўлсангиз керак. Санъатнинг ўтмиши, бугуни, эртаси ишониб топширилган, миллий эстрада ривожи борасида ёниб яшайдиган, Президентимиз китобларини мутолаа қилиб ўзига тўғри хулоса чиқариб олган раҳбарлар бор бўлсин. Раҳбарга хаспўшлаш фикридан асло йироқмиз. Шундоғам санъат ва маданият соҳасида эришилаётган улкан ютуқлар фикримизнинг, хулосамизнинг жонли исботидир. Фонограммадан, ёлғон овоздан воз кечишга "тайёрлаш” - санъатнинг яқин келажаги фақат жонли ижро билан боғлиқлигига чақириқдир. Санъатнинг рақобат майдонида яшаш учун курашга ҳозирлаётган бундай фестиваллар раҳбар ғояларининг бутунлигидан нишона. 4000 томошабиннинг 8000 кўзини, 8000 қулоғини алдаш ёҳуд уларни нималарнингдир эвазига сотиб олишнинг асло иложи йўқ. Устига-устак, саройга келган томошабинлар фақат бир санъаткорнинг мухлислари эмас! Залдагиларнинг мўътадиллик муҳити объектив фикрлашга ундайди: саҳнада каттаю кичик истеъдод, ҳақиқий баҳолаш эса уларнинг ўзларига ҳавола. Энг қувонарлиси, фестивал эришаётган ютуқлар бор. 2011 йилдан бери фестивал доирасида ўтказиб келинаётган концертларда жонли ижрода куйлашига ишонган ва исботлаб қўйган санъаткорлар кўксини тоғ қилишга муносиб. Олдин бармоқ билан санарли бўлса, энди ифтихор билан айтиш мумкинки, эл хизматига майдонда синалган марддан нечтаси керак!? Мана натижа. Мана хулоса. Кўнгилларга байрамона тароватни жонли улашган концерт учун ташаккур, "Ўзбекнаво”! Ишлаш мана бундай бўлибди! Жасур ҲАМРОЕВ | |
|
Всего комментариев: 1 | ||
| ||