20:12 Хотин яхшими, футболми?(Ҳажвия) | |
![]() Севимли дивангинамга ёнбошлаб, телевизорда футбол томоша қилишнинг савобига ким етсин. Мабодо, стадионга боришга қарор қилган бўлсангиз, нур устига нур. Атрофинг тўла минг киши, ҳеч кимнинг йўқ сен билан иши! Ҳар бир ўйинчига алоҳида бақирасанми, ҳаммасига баравар қичқирасанми, биров бир нарса демайди. Орасида сўкишлар қўшилиб кетсаям, мушугингни пишт дейдиган одам йўқ. Қайтага ашаддий ишқибоз экан, деб обрўйингга обрў қўшилади. Бақираётганда ёмон кўрган одаминг, мукофот пули ёзмаган бошлиғингни кўз олдингга келтириш ҳам мақсадга мувофиқ. Бу ўз ўрнида асабларни тинчлантириб, юрагингдаги ғуборларни ювади. Қувончу хурсандчиликлар қаторида ҳар бир урилган голни "ювиб” нишонлашдек имкониятингиз ҳам бор. Қиттай-қиттай қилишга тайёр баҳона. Уйда хотинингизга рўзғор юмушларидан бирортасини бажариб бўлдим, шуни "юваяпман”, деб кўринг-чи? Балога қоласиз. Эшитган одам жиннига чиқариб қўймаса, мен отимни бошқа қўяман. Фақат баъзи-баъзида ютқазиб қўйиб, юрагингни қон қилишини ҳисобга олмаганда футболжонда фазилат кўп. Фойдасининг фоизи кўп бўлса кўпдирки, фалон сўмли маҳсулотларни бозордан сотиб олиб топадиган қувватингиздан кам эмас. Нархиям арзонгина, арзимаган пулга биттагина чипта сотиб олсангиз бўлгани. Баъзида бирор вақти йўқ, аммо чиптаси бор танишингизнинг ўрнига теп-текинга тушиш имконияти ҳам туғилиб қолиши мумкин. Лекин телевизорда футбол томоша қилишнинг ҳам ўзига яраша яхши томонлари бор. Бирор ўйинчининг қайсидир ҳаракатидан хафа бўлсангиз ёки голни ўтказиб юборган дарвозабондан алам олмоқчи бўлсангиз, шартта пультни босиб ўчириб қўясиз ёки бошқа каналга ўтиб кетиш ҳуқуқингиздан фойдаланасиз. Хўш, қани айтинг-чи, хафа бўлган рафиқангиздан шундай ўч олишнинг иложи борми? Албатта йўқ! Яшанг! Унда қани қўлни ташанг, бу хотиндан кўра футбол яхши, деганингиз бўлади. Бу гапдан мендек ашаддий футбол ишқибозиниям кўнглим тўлади. Рака топинг! Футболгинам ишқибозимга яхши ўйин кўрсатай деб қайғуради... Биз учун қайсидир жамоадан фалон миқдорда пул бериб, яхши ўйинчини сотиб олади. Яхши ўйнамаса, ишқибознинг асабини бузгани учун ҳуштак чалиб огоҳлантиради. Шундаям хато қилса, жазога тортади... Ютқазиб қўйса... Тўхта, тўхта... Ютқазиб қўйганида еру кўкка сиғмайдиган аламимни кимга сочаман?! Эргаш Каримовга ўхшаб "Онамдан қолган тошойна қани?” деб кимга дўқ қиламан. Аламига ичиладиган аччиққина маставани ким пишириб беради? Буёғини ҳисобга олмабман-ку?! Икки гапнинг бирида "Футбол ишқибозига тегмай, мен ўлай” десаям бори яхши. Йўғидан асрасин! Ана шу кичкинагина бўлса-да, лекин асосли сабаблар туфайли "Хотин ҳам, футбол ҳам яхши” дейишга мажбурмиз. Иккови кундошу биз эркакларга жондош экан. Шунақа... | |
|
Всего комментариев: 2 | |
| |