12:14 ҚИЛИЧБЕК МАДАЛИЕВ: “Ниҳоят биринчи муҳаббатимни учатдим” | |
– Отангиз Оҳунжон Мадалиев қўшиқларини эшитган кишининг қалби хоҳлайдими йўқми беихтиёр ҳапқира бошлайди. Қиличбек Мадалиев ҳам ана шундай қўшиқлар ярата оламан дея ўйлайдими? Бу борада у айни пайтда қандай ижодий изланишлар олиб бормоқда. –Кимнидир қўшиқларига ўхшаган қўшиқларни мен ҳам ярата оламан дейишнинг ўзи нотўғри. Ижод бу ўзига хосликни талаб этади деб ўйлайман. Айтайлик, кўча кўйда бирор иморатни кўриб мен ҳам худди унга ўхшаган иморат қураман десангиз бўлади. Аммо фикри ожизимча буни ижодга нисбатан айта олмаймиз. Қўшиқ яратишда аввало танланган шеър, шунингдек уни санъаткорнинг қанчалик хис этиб, куйлаши ва одамлар қалбига етиб бориши муҳим. Ҳақиқатан ҳам отам халқ кўнглини куйлаган. Мен ҳам отам сингари умрбоқий қўшиқлар яратиш ҳаракатидаман. Ва ҳар доим мухлислар мендан, яъни Оҳунжон Мадалиевнинг ўғлидан чин санъат асарларини кутишини ҳам биламан. Инсон ҳеч қачон ўзига ўзи баҳо беролмайди. Бу ҳаракатимизнинг баҳосини мухлисларимиз қўяди. Айни кунларда кўплаб мухлисларимизнинг хоҳишига биноан куйланган “Сени бугун кўрмасам бўлсам” қўшиғига суратга олинган клип халқимиз эътиборигаҳавола этиш арафасидамиз. – Болалик кезларида қўлига бирор марта ҳам микрофонни ушлаб, қўшиқ куйлашни машқ қилмаган, “катта бўлсам прокурор бўламан” деб ният қилган Қиличбек бугун ўз мухлисларига эга санъаткорга айланди. 30 йилдан кейин Қиличбек Мадалиев ўзини қандай тасаввур этади? –Тўғри, аввалги суҳбатларимизда ҳам буни кўп таъкидлаганман. Болалик кезларимда жуда уятчанг бола бўлганман, қўшиқ куйламаганман. Прокурор ўзи нима иш қилишини билмайман, лекин болаларча прокурор бўламан дердим. Аммо йиллар ўтиб санъат оламига кириб келдим. Ҳеч ким мени мажбурламаган. 30 йилдан кейин ҳам Худо хоҳласа шу кунларга етказса, санъаткор сифатида халқимиз хизматида ўзимни тасаввур этаман. Бошқа соҳада ҳам ўзимни синаб кўриш, иккинчи мутахассислик бўйича таълим олиш ниятим йўқ. Юрагим фақат санъат билан яшайди. – Репертуарингиздаги қўшиқларингизни кўпини отангиз куйлаган қўшиқлар ташкил этади. Айтайлик, энг сўнгги “Етарди” таронангиз ҳам Оҳунжон Мадалиев ижодига мансуб. Қиличбек Мадалиев машҳурликка эришишда отасининг мухлисларидан фойдаланмаяптими? –Аввало олма дарахтини тагига олма тушади, беҳи ёки анор тушмайди. Мен Оҳунжон Мадалиевнинг ўғли бўлганимдан фахрланаман, албатта буни кўп таъкидлаганман. Биринчи навбатда дадамнинг қўшиқларига ўзим мухлисман. Мухлис сифатида уларни куйлагим келади. Иккинчидан доимо юрагим буюрганини куйлайман. Мана айтайлик “Етарди” қўшиғи. Уни куну тун эшитганимда, у мени касал қилди ва у қўшиқни куйлаб дардимга даъво топдим. Отамнинг қўшиқларни мен айтишим керак деб ўйлайман, тўғироғи қалбим шуни хоҳлайди. Улар менга бойлик, мерос. Тўғри баъзилар отасининг қўшиқларидан фойдаланиб юрибди, деб айтиши мумкин. Мен уларга асло эътибор бермайман. Иложи борича ўзимнинг ҳам, отамнинг мухлисларини кўнглини бирдек олишга ҳаракат қиламан. Аммо барибир мен учун биринчи навбатда отамнинг ижоди туради. – Суҳбатларингиздан бирида “Мен ҳар тўйда камида биттадан қизни ёқтириб қолишим мумкин, бу шунчаки хавас” деган экансиз. Бу қанчалик ҳақиқат? – (Кулади...) вой.. йўқ. Мен ҳеч қаерда бунақа интервю бермаганман. Мабодо шунақа деб ёзилган бўлса, бу журналистнинг фантазияси. Аммо шуни айтишим мумкинки, ҳақиқатан ҳам ўзбек қизлари гўзал. Қай маънода гўзал. Ўз ҳаёси, ибоси билан гўзал. Гўзаллик деганда фақат ташқи кўринишни тушунмаслик керакда. Мен буни қатор чет давлатларга бориб келган кезларимда англадим. Аввал ҳам айтганман, мен севиб қолмаганман, севмаганман. Энди ёшликда севги даражасига чиқмаган хаваслар бўлиши табиий. Шу ўринда айтишим мумкин. Яқин кунларда уйланиш ниятидаман. У қизга нисбатан меҳр қўйганман, ёқтирганман. – Қиличбек Мадалиев “Онам севади, мен уйланаман” ақидасига амал қиладими? Ёки... –Оила қуриш бу мен учун катта масъулият. Сабаби у бир умрлик умр йўлдош. Бу масалага шунчаки оддий қаролмайман. Биринчи маслаҳатгўйим онам бўладилар, бўлдилар ҳам. Худо хоҳласа бўлажак турмуш ўртоғимни ҳам онамга аввал сиз кўринг, деб айтганман. Ўшанда у қизни мен кўрмаган эдим. Сизга агар ёқса, кўнглингиз жиз этса, ўз қизингиздек қабул қилсангиз кейин учрашаман дедим. Агар онам маъқулласа, менда ҳам ҳотиржамлик бўладида. – Хоҳлаймизми йўқми ҳаёт доимо ўзининг кутилмаган “туҳфа”ларини тайёрлаб туради. Беихтиёр турмушнинг бу “совға”лари кишини қийин аҳволга солиб қўяди. Қиличбек Мадалиев ана шундай тушкунликка тушган пайтларида кимдан ёки нимадан таскин олади? –Агарда шундай вазиятларга тушиб қолсам, аввало ўзимга ўзим нима учун, дея савол бераман. Худонинг менга бераётган эътибори деб ўйлайман. Айтиладику дард берсаям яхшиликка йўйиб, шукур қилиш керак, деб. Иложи борича ўзимни ўтга чўққа урмасдан, босиқлик билан ҳал этишга ҳаракат қиламан. Вақт даволайди ҳаммасини. Вақтдан таскин оламан. – Саҳнада муҳлисларининг севимли хонандаси Қиличбек Мадалиев айни пайтда Маданият ва Санаъат институтининг талабаси. Табиийки талабаликнинг олтин даври қонуниятлари унга ҳам тааллуқли. У талаба сифатида қандай манбаларга кўпроқ мурожаат этади. Китобларгами ёки интернетга? –Китоблардан ҳам, интернетдан ҳам ҳамма ерда фойдаланишимиз мумкин. Тўғри, жуда кўп китоб ўқийман, кези келганда интернетга ҳам мурожаат этаман. Аммо талаба сифатида кўпроқ устозларимдан нимадир олишга ҳакарат қиламан. Чунки китобни ҳам интернетни ҳам хоҳлаган жойда топиш мумкин, лекин бизнинг олийгоҳда таълим бераётагн устозларимиз сабоғини ҳеч қайси китобу интернетдан топиб бўлмайди.
– Қиличбек Мадалиев кимларнинг ижодига мухлислик қилади? Чин санъат, яхши қўшиқнинг мухлисиман. Сабаби ҳамма санъаткорнинг қўшиқларини эшитаман. Ҳеч қачон уларни бир биридан ажратмайман. – Мухлисларингизнинг сиз учун аталган энг антиқа совғаси. –Мухлисларимдан бир биридан ажойиб совғалар олганман. Айтайлик, узундан узун мактублар. Тўғрисини айтаман, кези келганда бир парча хат ёзишга эринамиз. Менга эса мухлисларим 100 метрдан ҳам узунроқ мактублар ёзишган. Ёки хатто ўзим қаерда тушганимни эслолмаган суратларим жамланмасини йиғиб фотогалерия сифатида совға қилишган. Мен бу туҳфалардан ҳам кўра кўпроқ уларнинг эътиборидан хурсанд бўлганман. – Нотаниш инсон билан илк учрашувдасиз, биринчи навбатда суҳбатдошингизнинг нимасига кўпроқ эътибор қаратасиз? –Деярли ҳар куни бундай ҳолатга дуч келишим мумкин. Одатда мен суҳбатдошим учун нима қизиқлигига эътибор бераман. Ва албатта у хоҳлаётгандек суҳбатдош бўлишга ҳаракат қиламан. – Тасаввур қилинг сизнинг олдингизда иккита йўл. Бир томонда энг яқин дўстингиз сувда чўкяпти, иккинчи томонингизда эса сиз ҳаётингизни боғламоқчи бўлган севган қизингиз ўтда ёняпти. Қайси бирига биринчи бўлиб ёрдамга ошиқасиз? – Кутилмаган савол бўлди, тўғриси. Бу саволга тезда жавоб бериш осон эмас. Ўйлаб кўриш керак. Тўғри болаликда бундай танловлар кўп бўларди. Болалрча “дўстим сенида” дея елка қоқардик. У пайтларда энди масъулият йўқ эдида. Ҳозир эса .... Аввало, ҳеч кимнинг бошига бундай қийин вазиятлар тушмасин. Буни ўйласам қийналиб кетяпман. Бундай вазиятда у ёки бу деб танлаш қийин. Тўғриси, буни тезда муҳокама қилиб беролмайман. – Сизни ўзига яқинларингиздан бири деб билувчи инсон жуда ёмон кўради. Ҳатто душман даражасида. Айтайлик санъаткор дўстингиз. Унинг “меҳр”ини қандай қабул қиласиз? –Мен аввало ўзимга савол бераман: “У мени нима учун ёки қайси бир ҳарактерим учун ёмон кўради.” Бунинг сабабини билишим керакда. Дейлик билиб олдим. Демак мен буни уни олдида тўғирлашим мумкин. Ёмон кўрсанг, ёмон кўравер дейиш ҳам мумкин, бу қўрқоқнинг гапи албатта. Мени ҳеч кимга ёмон кўрингим келмайди. Бундай вазиятларда у билан тортишиб ҳам ўтирмайман. Ўзимдаги камчиликларни йўқотишга ҳаракат қиламан. Ҳувайдо Улуғбек қизи Бу мақола 7х7 газетасида эълон қилинган (Axborot ko'magi: www.Voy.uz) | |
|
Всего комментариев: 0 | |