14 май куни “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг “Юрагимга яқинсиз” дея номланган концерт дастури бошланди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси расмий сайтида хабар берилишича, Алишер Файз концертининг илк куни унга ташриф буюрган эстрада юлдузларини эътироф эта туриб, устози Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбековга таъзим ила эҳтиром этди.

Дастурга саҳналаштирилган рақслар, ҳусусан Паризода гуруҳи раққосалари концерт тароватига ўзгача мафтункорлик баҳшў этди.

Шу бугун катта саҳнада илк бора Алишер Файзнинг укаси Хуршид Турдиев ҳам қўшиқ куйлади.
Оналарнинг фарзандига алласини эшитганмиз. Оталарничи? Алишер Файз бугун оталарнинг жажжи мурғак фарзандларига бағишланган қўшиқ ҳадя этди... Хонанда ижросидаги хоразмча оҳангда куйланган қўшиқ томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Алишер Файз ўз ижод йўналишига хос бўлмаган бухороча Мавриги куйлаганида томошабин чинакам яйради.
Концерт якунида Алишер Файз "Соғлом бола йили"га бағишлаб тайёрланган қўшиғини ижро этди.
Эслатиб ўтамиз, концерт дастури 18 майга қадар давом этади.
|