Голливуднинг энг кўп ганорар оладиган актёри Эштон Катчер жума куни Лос-Анжелес судига таниқли актриса Деми Мур билан ажрашиш тўғрисида ариза берди. People журналининг ёзишича жуфтлик қарийб бир йилдан бери бирга яшамайди.
50 ёшли Мур ва 34 ёшли Катчернинг турмуши 6 йилча давом этди. Улар 2005 йилнинг сентябрида никоҳдан ўтишганди. Лекин ораларидан оламушук ўтиб, 6 йилдан кейин бошқа-бошқа томонга равона бўлишди. 2011 йилнинг сентябрида ОАВларида уларнинг ажрашиши ҳақида илк хабарлар пайдо бўлганди. Бироқ ҳеч қайси томон бу борада биринчи қадамни ташламади.
Ёш турмуш ўртоғининг мижғовлигидан тўйган Мур ўтган йили журналистларга ажрашмоқчи экани ҳақида расман баёнот берганди. Лекин судга ариза бермади. Катчер эса аллақачон бошқа бир актриса Мила Кунис билан ошкора равишда ошиқ-мошиқ бўлиб юрибди.
Бу Деми Мурнинг иккинчи никоҳи бўлиб, биринчи эри Брюс Уиллисдан 3 нафар қизи бор. Ноябрь ойида Мур ва Катчер биргаликда ташкил қилишган DNA хайрия жамғармасидаги фаолиятларини давом эттиришларини маълум қилишганди. Ушбу жамғарма болаларни жинсий эксплуатация қилишга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бу борадаги технологияларни моддий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
|